O‘ZBЕKISTON RЕSPUBLIKASI VAZIRLAR MAHKAMASI HUZURIDAGI TA’LIM SIFATINI NAZORAT QILISH DAVLAT INSPЕKSIYASI

Diqqat! Veb-sayt test rejimida ishlamoqda.

Diqqat! Veb-sayt test rejimida ishlamoqda.

Inspeksiya telefoni
998 71 231-07-53 Batafsil
  • Toshkent temir yo`l muhandislari instituti

    Тошкент темир йўл муҳандислари институтида кадрлар тайёрлаш сифати тўғрисида
    МАЪЛУМОТНОМА

    Тошкент темир йўл муҳандислари институтида олий маълумотли кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш ва амалий кўмак бериш мақсадида  Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ 2019 йилнинг 6-12  март кунлари ўз фаолиятини олиб борди.

    1. Умумий маълумотлар

    Тошкент темир йўл муҳандислари институти (кейинги ўринларда – Институт) да 4 та (Ташишни ташкил этиш ва транспорт логистикаси, Электромеханика, Қурилиш, Иқтисодиёт) факультет, 22 та кафедра,
    академик лицей ва малака ошириш факультети фаолият кўрсатади.

    Институтнинг 21 та бакалавриат таълим йўналишларида
    4701 нафар,  15 та магистратура мутахассисликларида  179 нафар, махсус сиртқида 182 нафар, сиртқи таълимда 209 нафар талабалар таҳсил олмоқда (жами 5271 нафар талаба).  

     Институтда асосий штатдаги профессор-ўқитувчилар сони
    286 нафарни, шундан фан доктори ва профессорлар сони 21 нафарни (7,3%), фан номзоди ва доцентлар сони 88 нафарни (30,7%), ўртача илмий салоҳият 38,0% (2017 йил 37,0%) ни ташкил этади. Институтнинг асосий штатдаги профессор-ўқитувчилари ўртача ёши 45,8 ёш бўлиб, жумладан, фан доктори ва профессорлар ўртача ёши 64,4 да, фан номзодлари ва фалсафа докторлари, доцентлар ўртача ёши 56 да, илмий даражага эга бўлмаганларнинг ўртача ёши 40 да.

    Миллий рейтинг тизимида институт 9-ўринни эгаллаган. Бироқ фаолият йўналишлари бўйича таҳлил қилинганда, институт талабалар билими ва битирувчилар сифати кўрсаткичи бўйича 36-ўринда (жами 57 та ОТМ), профессор-ўқитувчиларнинг илмий фаолияти натижадорлиги бўйича 10-ўринда турибди.

     

     

    1. Кадрлар тайёрлаш сифати

    Сўнгги йилда институтда кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилган. Хусусан:

    Профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳияти ва улар томонидан бажарилган илмий ишларнинг самарадорлиги бўйича ижобий ўзгаришларга эришилган. Жорий йилда ОАК раёсати томонидан фан доктори ёки фалсафа доктори илмий даражасига тасдиқланган профессор-ўқитувчилар сони 23 нафарни ташкил қилиб, ўтган йилга нисбатан 8 баробарга ошган. Натижада илмий салоҳият ўтган йилга нисбатан 1% га кўтарилган.

    2018 йил натижалари бўйича институт профессор-ўқитувчилари томонидан амалга оширилган 18 та илмий-тадқиқот ишлари саноат корхоналарига татбиқ этилган, бу 2017 йилга нисбатан 4 баробар кўпроқ.
    2017 йил натижаларига кўра ишлаб чиқаришга 4 та лойиҳа татбиқ этилган.

    Профессор-ўқитувчилар томонидан 125 та хорижий (2017 йил –
    54 та) ва 201 та маҳаллий (2017 йил – 72 та) журналларда мақола ва илмий ишлар чоп этилди, уларга берилган иқтибослик даражаси эса ўтган йилга нисбатан 2 баробарга ошган (2018 йил – 1136, 2017 йил – 584).

    Давлат грантлари ва лицензия келишувлари асосида ўтказилган тадқиқотлардан олинган маблағлар миқдори 2018 йилда 2,4 млрд. сўмни ташкил этган, бу 2017 йилга нисбатан 70 %га кўп.

    Институт профессор-ўқитувчилари томонидан 2018 йилда 35 та ўқув қўлланма, 19 та дарслик ва 15 та монография тайёрланган бўлиб,
    2017 йилга нисбатан 2,3 баробар ўсишга эришилган.

    Ўқув жараёни кадр буюртмачилари талаблари ва халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда такомиллаштирилган.

    Хусусан, назарий таълим ҳафталари сони 136 тадан 122 ҳафтага камайтирилиб, малакавий амалиёт 14 ҳафтадан 30 ҳафтага кўпайтирилган.

    Мутахассислик кафедралари томонидан асосий кадр буюртмачилари билан ҳамкорликда 20 та бакалавриат таълим йўналишлари ва 14 та магистратура мутахассисликларининг малака талаблари, ўқув режалари ва фан дастурлари қайта ишлаб чиқилган. 2018-2019 ўқув йилидан янги ташкил этилган 5А310608 – “Вагонсозлик” магистратура мутахассислиги бўйича фан дастурлари ва ўқув материаллари илғор хорижий технологиялар асосида, кадрлар буюртмачилари эҳтиёжларига мувофиқ ишлаб чиқилган.

    Талабалар амалиётларини ўтказиш бўйича корхона, ташкилот ва муассасалар билан 20 та бакалавр таълим йўналишлари ва 23 та магистратура мутахассисликлари бўйича 94 та ҳамкорлик шартномалари тузилган.

    Халқаро ҳамкорлик алоқалари янада кенгайишига эришилган. Соҳадаги сўнгги ютуқларни инобатга олган ҳолда сифатли таълим беришни ташкил этиш мақсадида 2018 йил институтга 18 нафар хорижий профессор-ўқитувчилар дарс беришга таклиф этилган (2017 йил умуман таклиф этилмаган).

    20 дан ортиқ хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатилган бўлиб, бугунги кунгача жами 52 нафар бакалавр, 105 нафар муҳандис, 49 нафар магистр ва 42 нафар аспирант битириб, институт ўқитувчилари ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ корхоналари ходимлари сафига қўшилган.

    Шунингдек, бугунги кунда Россия олий таълим муассасаларида муҳандислик дастури бўйича махсус темир йўл соҳаларида жами
    157 нафар бакалавр, 11 нафар муҳандис, 34 нафар магистр, 29 нафар аспирант ва 2 докторант таҳсил олишмоқда.

    Кадр буюртмачилари билан ҳамкорлик ишлари ва таълим – фан – ишлаб чиқариш интеграцияси янада жадаллашган. Васийлик Кенгаши таркиби асосий кадр буюртмачиларидан ташкил топган бўлиб, улар томонидан институтда кадрлар тайёрлаш тизимини узлуксиз мониторингини ташкил этиш, битирувчиларни иш билан таъминлаш бўйича давлат, жамият ва ишлаб чиқариш объектлари билан самарали ҳамкорлик қилиш, ҳамкорлик шартномаларини тузиш амалиётини ривожлантириш, таълим ва илм-фан соҳасида халқаро келишувларни тузиш ва амалга ошириш; олий таълимни ривожлантиришга қаратилган янги шакл ва дастурларни қўллаб-қувватлаш ва илмий-тадқиқот ишлари натижаларини амалиётга жорий этиш, институт ректорининг ҳар ўқув йили якуни бўйича ҳисоботини эшитиш ишлари амалга ошириб келинган. 

    Ишлаб чиқариш корхоналарида институтнинг 17 та филиаллари мавжуд. Мазкур филиалларда 14 та фанлардан маъруза, амалий ва лаборатория дарслари, шунингдек, ўқув-танишув, ишлаб чиқариш, битирув олди амалиётлари ҳамда битирув малакавий ишлар ҳимояси амалга оширилган.

    Бугунги кунга келиб 1081 нафар битирувчиларнинг 98,7 фоизи ишга жойлашган ва таълимнинг кейинги босқичида ўқишини давом эттирмоқда (2017 йил – 90%). Битирувчиларнинг 903 нафари “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига, Минтақавий темир йўл узелларига, “Тошметрополитен” унитар корхонасига, “Тошкент механика заводи” акциядорлик жамиятига, “Қуюв механика заводи” шўъба корхонасига ҳамда 71 нафари Олмалиқ кон-металлургия ва Навоий кон металлургия корхоналарига ишга жойлашган.

    Барча амалиёт объектлари “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти корхоналарида, таркибий бирликларида ва саноат корхоналарида жойлашган. Мазкур корхоналарда амалиётчиларнинг кунлик фаолиятини назорат қилиш учун раҳбарлар тайинланган. Шу билан бир қаторда, амалиёт дастуридаги вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажарилишини назорат қилиш учун институтдан амалиёт раҳбари тайинлаш тизими жорий этилган.

    Институт талабалари амалиёт даврида ишлаб чиқариш корхоналарининг муаммоларини ўрганиб, битирув малакавий иш, магистрлик ва докторлик диссертациялари учун мавзулари шакллантирилади. Мазкур мавзулар Ўзбекистон темир йўллари акциядорлик жамиятининг тегишли бошқарма бошлиқларига келишиш учун тақдим этилади. Битирув малакавий ишлари айнан амалиёт жойларида ташкил этилади.

    Институт профессор-ўқитувчилари мавжуд муаммоларни ҳал этишда замонавий технологиялар ва чет эл тажрибасига оид маълумотларни тақдим этиш мақсадида “ЎТЙ” АЖ бошқарув бўлинмаларида ўтказилаётган ишлаб чиқариш муаммоларига бағишланган мажлисларда мунтазам равишда иштирок этиб келмоқдалар.

    • Мавжуд муаммолар

    Сўнгги йиллардаги ижобий ўзгаришларга қарамай, соҳа учун юқори малакали, замонавий билим, малака ва кўникмага эга бўлган кадрларни тайёрлашда бир қатор муаммо ва камчиликлар мавжуд.

    Институтнинг миллий рейтинг тизимида талабалар билими ва битирувчилар сифати кўрсаткичи бўйича 36-ўринда (жами 57 та ОТМ), профессор-ўқитувчиларнинг илмий фаолияти натижадорлиги бўйича 10-ўринда эканлиги ҳам шундан далолат бериб турибди.

    Жумладан:

    1. Таълим бериш сифати ва ўқитишнинг замонавий шакл ва усулларининг жорий этилиш ҳолати ҳозирги замон талабларига ва таълим олувчилар талабларига жавоб бермайди. Талабалар ўртасида ўтказилган сўровнома натижаларига кўра бор-йўғи 25% талабалар дарслар сифатидан қониқяпти, 29% талабалар билимни адолатсиз баҳоланишидан эътироз билдиришмоқда.
    2. Таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича ишлаб чиқилган ўқув режа ва фан дастурларида сўнгги соҳа ютуқлари, халқаро тажриба ва кадр буюртмачилари талабларини тўлиқ инобатга олинмаган. Ўқув жараёнини ташкил этишда қоғозбозлик ҳаддан ошиб кетган, профессор-ўқитувчилар илм билан шуғулланиш ва сифатли таълим бериш ўрнига ҳисобот ёзиш билан банд, ўқув жараёнини ташкил этишнинг  меъёрий хужжатлари умуман замонавий талабларга жавоб бермайди.
    3. Ёшларни илмга жалб этиш ва уларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш тизимли йўлга қўйилмаган. Илмий лойиҳаларга
      10 нафар (67%) докторантура изланувчилари ва 27 нафар (15,3%) магистрлар жалб этилган. Бакалаврлар умуман илмий-тадқиқот ишларга жалб қилинмаган.
    4. Профессор-ўқитувчилар томонидан яратилган адабиётлар сифати ва таъминоти талабаларнинг асосий эътирозига сабаб бўлмоқда. Назария ва амалиётнинг мутаносиблиги таъминланмаган, натижада институтда тайёрланаётган аксарият кадрлар иш берувчилар талабларига жавоб бермаяпти.
    5. Моддий-техник база (ўқув-илмий лаборатория ускуналари ва жиҳозлари) замон талабларига жавоб бермайди ва бу жиҳозлар ҳозирги кунда ишлаб чиқаришда ишлатилмайди. “ЎТЙ” АЖ томонидан амалга оширилаётган кенг қамровли ишларда ТТЙМИда мавжуд 3 та илмий-тадқиқот лабораторияси бугунги кунда барча йўналишлар бўйича ишларни амалга ошира олмайди, жумладан қурилиш, ҳаракатланувчи таркиб, электрлаштириш, маркетинг ва бошқа соҳалар бўйича илмий-тадқиқот лабораториялари ташкил этилиши мақсадга мувофиқ.
    6. Профессор-ўқитувчиларнинг илмий фаолияти замонавийлиги ва натижадорлиги пастлигича қолмоқда, илмий изланишлар кўлами замон билан ҳамнафас эмас. Ишлаб чиқарувчиларнинг муаммоларига ечим топишда институт профессор-ўқитувчилари ва илмий изланувчиларининг салоҳияти етарли эмаслиги сабабли, соҳа буюртмаси хориж олимлари ва компаниялари томонидан бажарилмоқда.
    7. Соҳа учун кадрлар тайёрлашнинг узвий тизими яратилмаган, институт тасарруфидаги академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида таълим дастурларининг узлуксизлиги ва изчиллиги таъминланмаган, институт ва улар ўртасидаги ҳамкорлик фақатгина қоғозда мавжуд.
    8. Профессор-ўқитувчиларнинг илмий-педагогик салоҳияти талаб даражасида эмас: атиги 9% профессор-ўқитувчилар хорижий тилларни билиш бўйича ижобий натижа кўрсатган. Дарс таҳлиллари шуни кўрсатдики, профессор-ўқитувчилар замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан хабари йўқ.
    9. Хориж билан ҳамкорлик ишлари самарасиз йўлга қуйилган: ҳозирги кунга қадар бирорта ҳам қўшма дастурлар ва факультетлар очилмади, ҳамкорликда илмий-тадқиқот (Европа иттифоқининг “Erasmus+” бўйича жами 23 минг евро миқдорида) ишлари жуда суст даражада.

    Ишчи гуруҳ томонидан Институтда олий маълумотли кадрлар тайёрлаш сифатини янада ошириш бўйича амалий кўмак кўрсатилди ва бир қатор таклифлар ишлаб чиқилди:

    • 280 та ўқув режа ва фан дастурлари малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда экспертизадан ўтказилди ва халқаро тажриба асосида уларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди;
    • ўқув жараёнида қоғозбозликни камайтириш, ахборот-коммуникация технологияларни кенг жорий этиш, талаба ва профессор-ўқитувчи ўртасидаги мулоқотни  доимийлигини таъминлаш, мустақил таълим олиш имкониятлари ва самарадорлигини ошириш мақсадида электрон таълим платформасини яратиш концепцияси ишлаб чиқилди ҳамда 2019/20 ўқув йилидан жорий этиш белгиланди;
    • 2019/20 ўқув йилидан бошлаб ўқув жараёнини кредит тизими асосида ташкил этиш, бу орқали таълим кредитларини халқаро даражада тан олиниши ва талабалар мобиллигини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилди;
    • Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги  «Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2909-сон қарори ижроси доирасида институтда 2017-2021 йиллар давомида  5А310607- “Электровоз ва электропоездлар”, 5А310608- “Юқори ва ўта юқори тезликдаги электр харакатланувчи таркиби”, 5А620103- “Юқори тезликдаги йўловчи поездлар харакатини ташкил этиш”, 5А350703- “Радиотехник ускуналар ва алоқа жиҳозлари  (темир йўл транспорти)”, 5А320101-“Материалшунослик ва материаллар технологиси (темир йўл транспорти)”, 5А320318- “Технологик машина ва жиҳозларнинг техник таъминоти (темир йўл транспорти)” магистратура мутахассисликларини очилишини жадаллаштириш. Шунингдек, кадр буюртмачилари таклифларига биноан институтда темир йўл транспорти тармоқлари учун 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб “Машинасозлик технологияси, машинасозлик ишлаб чиқаришини жиҳозлаш ва автоматлаштириш (темир йўл транспорти)”, “Маркетинг (темир йўл транспорти)”, “Электр транспорти (метрополитен)”, “Ҳаётий фаолият хавфсизлиги (темир йўл транспорти)”, “Бино ва иншоотлар қурилиши (кўприклар, тонеллар ва метрополитен)” бакалавр таълим йўналишлари ҳамда “Бухгалтерия ҳисоби (темир йўл транспорти)”, “Хизмат кўрсатиш техникаси ва технологияси (темир йўл транспорти)”, “Компьютер тизимлари ва уларнинг дастурий таъминоти (темир йўл транспорти)” магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлашни йўлга қуйиш;
    • Президент администрацияси раҳбарининг 2019 йил
      11 февралдаги 3192-хх сонли топшириғида кўрсатилган бугунги кунда кадрлар тайёрланмайдиган соҳалар ва мутахассисликлардан 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб “Темир йўл инфратузилмаси объектларини лойиҳалаш ва қуриш” таълим йўналиши бўйича хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма дастур очиш;
    • профессор-ўқитувчиларнинг малакасини мунтазам равишда республикада ва хорижда ошириш тизимини йўлга қўйиш, маҳаллий ва хорижий экспертларни жалб этган ҳолда хорижий тажрибалар асосида таълим сифатини оширишга қаратилган тренингларни доимий равишда ташкил этиш;
    • бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари учун асосий кадрлар истеъмолчилари ҳисобланган корхона, ташкилот, муассасалар ҳамда илмий-тадқиқот институтларининг етакчи мутахассислари билан ҳамкорликда ишлаб чиқаришдаги замонавий ютуқларни акс эттирувчи эҳтиёжи мавжуд бўлган 40 та  ўқув адабиётларини яратиш;

    Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда Институт раҳбарияти билан биргаликда Институтда кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди ва илова қилинади.

HUDUDIY BO’LIMLAR
SAYT XARITASI