× Карта сайта
Овозли ҳамроҳлик

Сайтда овозли ҳамкор мавжуд.

матнни тинглаш учун уни сичқонча билан танланг

Махсус имкониятлар

«Таълимдаги халқаро тадқиқотларнинг Янги Ўзбекистон тараққиётидаги ўрни» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияси ахборот хати

26 март 2022

Ҳурматли иштирокчилар, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳамда Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази сизни 2022 йил 11-12-апрель кунлари Тошкент шаҳрида ўтказиладиган “Таълимдаги халқаро тадқиқотларнинг Янги Ўзбекистон тараққиётидаги ўрни”  мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияда иштирок этиш учун таклиф қилади.

Ушбу халқаро конференция Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) ўртасида имзоланган шартнома асосида 2022 йил апрел-май ойларида Ўзбекистон умумтаълим муассасаларида “Ўқувчиларни баҳолаш халқаро PISA 2022 дастури” асосий синов жараёнларининг рамзий очилишига бағишланади.

 

Халқаро конференция ташкилотчилари: Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Халқ таълими вазирлиги, Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD), ЮНИСЕФ, ЮНЕСКО

Халқаро конференциянинг мақсади: Ўзбекистонда таълимдаги ислоҳотлар ҳақида халқаро ҳамжамиятнинг хабардорлигини ошириш, мамлакатимизнинг таълимга оид нуфузли халқаро рейтингда намоён бўлиши ҳамда нуфузининг мустаҳкам-ланишига эришишнинг илмий асосларини яратиш. Таълим сифатини баҳолаш тизимини такомиллаштиришда халқаро талабларни жорий қилиш. 

Халқаро тадқиқотларда мамлакат иштирокининг муҳимлиги ва уларнинг инсон капиталини ривожлантириш ҳамда юртимизнинг стратегик ривожланишидаги аҳамияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш. Шунингдек, таълим соҳасидаги йирик халқаро ташкилотлар ва нуфузли экспертларнинг фикрлари ва тавсияларини олиш ҳамда   Ўзбекистоннинг халқаро миқёсда нуфузини юксалтириш орқали хорижий инвестициялар оқимини кенгайтиришдан иборат.

Халқаро конференциянинг долзарблиги: Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини

2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” 2019 йил 29 апрелдаги ПФ-5712-сон фармонига кўра Ўзбекистоннинг Ўқувчиларни баҳолаш халқаро PISA дастури рейтингида жаҳоннинг биринчи 30 та илғор мамлакатлари қаторига киришига эришиш мақсадлари белгиланган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг “Халқ таълими тизимида таълим сифатини баҳолаш соҳасидаги халқаро тадқиқотларни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 8 декабрдаги 997-сон қарорига мувофиқ таълим тизимида ўқиш, математика ва табиий-илмий йўналишдаги фанлардан саводхонлик даражасини ривожлантиришнинг инновацион методларини ишлаб чиқиш ва жорий этишга йўналтирилган илмий изланишлар олиб бориш, таълим сифатини баҳолаш соҳасида халқаро алоқаларни ўрнатиш, ҳамкор лойиҳаларни амалга ошириш, халқаро илмий анжуманлар ва симпозиумларни ташкил этиш, халқаро баҳолаш дастурларини таълим жараёнига жорий этиш, ушбу соҳадаги илғор тажрибаларни оммалаштириш ҳамда унинг асосида таълим муассасалари учун тавсиялар ва қўлланмалар ишлаб чиқишда иштирок этиш вазифалари долзарб масала сифатида қайд этилган.

Халқаро конференция қуйидаги йўналишлар бўйича мақолаларни қабул қилади:

Инсон капиталини ривожлантириш

Таълим сифатини оширишда халқаро тадқиқотларнинг аҳамияти (PISA, PIRLS, TIMSS, TALIS);  

Ўқувчиларнинг амалий кўникмалари, креативлигини баҳолаш ва ривожлантириш (PISA мисолида);

Таълим сифатини баҳолаш тизимини такомиллаштиришда халқаро тажриба;

Ўқувчиларнинг ўқиш саводхонлигини баҳолаш ва ривожлантириш (PIRLS, PISA);

Ўқувчиларнинг математик ва табиий-илмий саводхонлигини баҳолаш ва ривожлантириш (PISA, TIMSS мисолида);

Мактабларда бошқарув тизими ва муҳитини яхшилаш, ўқитувчилар мақомини ошириш (TALIS мисолида).

Халқаро конференциянинг расмий тиллари: ўзбек, рус, инглиз тиллари.

Конференцияда халқаро ва хорижий ташкилотлар экспертлари, маҳаллий вазирлик, идора ва ташкилотлар ходимлари, олий таълим муассасалари профессор ўқитувчилари, умумтаълим мактаблари педагоглари, ёш олимлар, таянч докторантлар ҳамда мустақил изланувчилар, таълим тизими бошқарув органлари вакиллари томонидан юборилган мақолалар қабул қилинади.

Мақолалар 2022 йил 5 апрелгача pisa2022conference@gmail.com электрон почтаси ҳамда @pisa2022conference телеграм манзилига юборилиши мумкин.

Ахборот хати

Информационное письмо

Information letter