× Карта сайта
Овозли ҳамроҳлик

Сайтда овозли ҳамкор мавжуд.

матнни тинглаш учун уни сичқонча билан танланг

Махсус имкониятлар

Самарқандлик ўқитувчилар учун PISA дастури асосчиси иштирокида семинар ташкил этилди

13 апрел 2022

Жорий йилнинг 13 апрель куни Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) бош котибининг Таълим сиёсати бўйича махсус маслаҳатчиси, PISA дастурининг ташаббускори ва раҳбари Андреас Шляйхер иштирокида «Таълим сифатини ошириш ва ўқитувчилар мақомини юксалтириш мавзусида» халқаро семинар ташкил этилди.

Тадбирда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекция бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев, Самарқанд вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Хуршид Очилов, Самарқанд давлат университети ректори, сенатор Рустам Холмуродов, Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази, Самарқанд вилоятидаги педагоглар тайёрловчи олий таълим муассасаларининг раҳбарлари, профессор-ўқитувчилари, бўлажак педагог-талабалар, ҳудудий халқ таълими бошқарув бошқарув органлари раҳбарлари ҳамда мактаб директорлари ва ўқитувчилар иштирок этишди.

Семинар аввалида сўз олганлар, бугунги кунда Янги Ўзбекистон пойдевори бўлган инсон капиталини ривожлантириш, мактаб таълимини ислоҳ қилиш, ўқувчиларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, уларда муваффақиятга эришиш учун зарур бўлган кўникмаларни шакллантириш долзарб вазифага айланганини таъкидлашди. Бунинг учун юртимизда ўқув дастурлари, дарсликлар, ўқитиш методикаси ва таълим натижаларини баҳолаш тизимини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш бўйича катта ислоҳотлар бошлаб юборилгани айтиб ўтилди.

Семинарда бош маърузачи сифатида иштирок этган Таълим сиёсати бўйича махсус маслаҳатчиси, PISA дастурининг ташаббускори ва раҳбари Андреас Шляйхер, ташкилотинг 60 йиллик тажрибаси, дунё мамлакатларида узоқ йиллар давомида олиб борилган таҳлиллари асосида, таълим сифатини ошириш, ўқитувчилар мақомини кўтариш, ўқувчиларнинг ҳаётий кўникмаларини шакллантиришда педагогларнинг роли ҳақида тақдимот ўтиб берди.

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) бош котибининг Таълим сиёсати бўйича махсус маслаҳатчиси Андреас Шляхер халқаро тадқиқотларнинг мамлакатимиз таълим тизими ривожидаги аҳамияти ва бу борада амалга оширилиши лозим бўлган ишларга тўхталиб ўтар экан, шундай деди:

«Юртингиз илк маротаба PISA иштирок этаётгани қувонарли. Бироқ, тадқиқотнинг аҳамияти шундаки, жараёнлар натижа эълон қилиниши билан тўхтаб қолмайди. Шу асосда соҳани такомиллаштириш билан боғлиқ хулосалар қилиш, зарур ислоҳотларни амалга ошириш жуда муҳим.

Бу жараёнда эса, ўқитувчиларнинг ўз устларида кўпроқ ишлашлари, ҳамкасблари билан тажриба алмашишлари жуда муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон таълим соҳасида ўз олдига жуда ҳам юксак мақсадларни белгилаб олган. Ишончим комилки, Сизлар ўқитувчи сифатида ушбу мақсадларни рўёбга чиқариш учун ўқувчиларнинг салоҳият ва кўникмаларини ошириб боришларида ўз ҳиссангизни қўша оласиз.»

Муҳокамалар якунида халқаро эксперт иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарди.

Маълумот учун, мамлакатимиз 2022 йилда илк маротаба PISA (15-16 ёшли ўқувчилар саводхонлигини баҳолаш) бўйича халқаро дастурида иштирок этади. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) томонидан ўтказиладиган ушбу тадқиқотда 90 га яқин давлатлар қатнашади.

PISA тадқиқоти 15-16 ёшли ўқувчиларнинг математик, табиий-илмий, ўқиш саводхонлиги ва креатив фикрлаш қобилиятини баҳолашга қаратилган бўлиб, жорий йилнинг апрель-май ойларида халқаро ташкилот томонидан тасодифий репрезентатив танлаб олинган 202 та таълим муассасаларида тадқиқотнинг асосий синов жараёнлари ўтказилади.

Синов жараёнлари, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти стандартлари, АҚШнинг ETS Таълим тест хизмати, Westat  ташкилотлари мувофиқлаштирувчи асосида Таълим инспекцияси ҳузуридаги Миллий марказ томонидан ташкил этилади.

Мазкур тадқиқот ҳар бир мамлакатга таълимга оид сиёсатини таҳлил қилиш, ўқитишдаги кучли ва заиф томонларини дунё мамлакатлари билан қиёслаш имконини беради. Шунингдек, хорижий инсон капитали ҳақидаги маълумотлар эса, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга ёрдам беради.

Таъкидлаш лозим, мамлакатимизнинг таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларда иштирок этаётганлиги, мавжуд таълим тизимини халқаро даражада баҳолаш, бошқа давлатлар билан таққослаш ва таҳлил қилиш имкониятларини яратиш билан бирга узоқ муддатли стратегик қарорлар қабул қилишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.