× Карта сайта
Овозли ҳамроҳлик

Сайтда овозли ҳамкор мавжуд.

матнни тинглаш учун уни сичқонча билан танланг

Махсус имкониятлар

Финляндиянинг янги элчиси билан учрашув бўлиб ўтди

21 апрел 2022

Жорий йилнинг 21 апрель куни Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясида Финляндиянинг Ўзбекистон учун тайинланган янги элчиси жаноб Илкка Ряйсянен билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев, тегишли бўлим ва бошқарма бошлиқлари ҳамда Финляндиянинг янги тайинланган элчиси Илкка Ряйсянен, Финляндия ташқи ишлар вазирлиги департамент маслаҳатчиси Ансси Леино, Финляндиянинг Ўзбекистондаги фахрий консули Алишер Жўраевлар иштирок этди.

Учрашув кун тартибидан мамлакатлар ўртасидаги таълим йўналишида амалга оширилган ҳамкорлик лойиҳалари, 2021 йилнинг ноябрь ойида Финляндияга амалга оширилган ташриф натижалари, келишувларнинг бугунги кундаги ҳолати, шунингдек, Финляндия Ҳукумати томонидан ажратилган маблағлар доирасидаги режалар, ушбу мамлакат экспертларининг июнь ойида Ўзбекистонга ташрифига доир қатор масалалар ўрин олди.

Муҳокамалар аввалида Таълим инспекцияси бошлиғи юқори мартабали меҳмонга ташриф учун миннатдорчилик билдирар экан, инспекция фаолияти, хусусан таълим сифатини ошириш борасида Финляндия билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режалар ҳақида маълумот берди.

“Бугунги кунда мамлакатимизда инсон капиталини ривожлантириш, бу борада дунёнинг энг илғор тажрибаларини ўрганиб, таълим тизимига жорий этиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ушбу йўналишда Финляндия таълим тизимини ўрганиш ва мамлакатимизда жорий этиш бўйича қатор вазифалар белгилаб берилган эди.

Ушбу вазифалар ижроси таъминлаш мақсадида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Ташқи ишлар вазирлиги, Финляндия Республикасининг Ўзбекистондаги фахрий консуллиги ва бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда Финляндиядаги етакчи экспертлар, олимлар ва инвесторлар билан музокаралар олиб борилди ва қатор самарали ишлар йўлга қўйилди.

Мазкур жараёнларда асосий эътибор педагоглар салоҳиятини ошириш, ўқув дастурлари ва дарсликларни мазмунан бойитиш, уларга замонавий касблар учун зарур бўлган кўникмаларни сингдириш, шунингдек, таълим жараёнлари учун муҳим бўлган ўқув-методик қўлланмаларни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Биз ушбу тажрибаларни ўрганишда қайсидир тизимни тўғридан-тўғри кўчиришга эмас, мамлакатимизнинг ўзига хосликларидан келиб чиққан ҳолда, татбиқ қилишга алоҳида эътибор қаратиб келмоқдамиз.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ўзбек-фин таълим ҳамкорлигининг ҳозиргидек юқори босқичга олиб чиқилишида собиқ элчи Мария Лиивала хонимнинг хизматлари беқиёс. Умид қиламизки, сизнинг фаолиятингиз давомида мазкур ҳамкорликлар мустаҳкамланиб, мунтазам равишда кенгайиб боради”, – деди Улуғбек Ташкенбаев.

Элчи Илкка Ряйсянен илиқ қабул ва берилган батафсил маълумотлар учун миннатдорлик билдирар экан, ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга ҳамда таълим соҳаси бўйича таклифларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини маълум қилди.

“Ўзбекистоннинг фин таълим тизимини ўрганишга бўлган қизиқиши биз учун қувонарли ҳолат. Мамлакатингиз раҳбари томонидан таълим тизими давлат ва жамият тараққиётининг энг муҳим йўналишларидан бири сифатида таъкидланиб келади.

Бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг жадал суратларда давом этаётганини кузатишдан мамнунмиз. Бу бир томондан ҳар икки томон учун мамнуният ҳиссини юзага келтирса, бошқа томондан улкан масъулият юклайди.

Бу жараёнларда эса ҳамкорликдаги лойиҳаларимизни пухта ўйланган ҳолда босқичма-босқич амалга оширишимиз, ўйлайманки, барчамиз учун фойдали бўлади”, – деди Финляндиянинг янги элчиси.

Маълумот учун, ўтган йил якунида Таълим инспекцияси, Халқ таълими ва Ташқи ишлар вазирлиги мутасаддиларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Давлатимиз раҳбарининг кўрсатмасига биноан фин таълим тизимини чуқур ўрганиш мақсадида Финляндияга расмий ташрифни амалга оширганди.

Ташриф давомида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳамда Финляндия миллий таълим агентлиги ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланган.

Мазкур меморандумда таълимда сифат ва амалиётини рағбатлантириш мақсадида тизимни ривожлантириш, жумладан, янги педагогик усуллар, ўқитиш жараёнлари, педагогик бошқарув, ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, тадқиқ этиш, баҳолаш ва жорий этиш ҳамда ўқитувчилар малакасини оширишни ривожлантириш каби мақсадлар ўрин олган.

Ташрифнинг илк амалий натижаларидан бири сифатида Финляндия ҳукумати томонидан ҳамкорлик меморандумида кўзда тутилган вазифаларни амалга оширишни қўллаб-қувватлаш мақсадида 1 миллион евро миқдорида маблағ ажратилди.