× Карта сайта
Овозли ҳамроҳлик

Сайтда овозли ҳамкор мавжуд.

матнни тинглаш учун уни сичқонча билан танланг

Махсус имкониятлар

PISA дастури ташаббускори ва раҳбари Андреас Шляхер Таълим инспекциясида бўлди

10 апрел 2022

Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 10–13 апрель кунлари Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) бош котибининг Таълим сиёсати бўйича махсус маслаҳатчиси, PISA дастурининг ташаббускори ва раҳбари Андреас Шляхер амалий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.

Ташрифнинг илк кунида ИҲТТ бош котибининг Таълим сиёсати бўйича махсус маслаҳатчиси Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва инспекция ҳузурида ташкил этилган Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириши миллий маркази фаолияти билан ҳам танишди. Хусусан, марказдаги босмахона, чоп этилган қўлланмалар, студия ва бу ерда тайёрланган видеодарслар ҳамда тестларни таржима қилиш ва экспертизадан ўтказиш учун яратилган шароитлар билан танишди. Шунингдек, миллий марказ ходимлари мамлакатимизда халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўриш ва бу борадаги ўзига хос ёндашувлар бўйича тақдимот ўтиб беришди.

Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) бош котибининг Таълим сиёсати бўйича махсус маслаҳатчисига ташриф ва ҳамкорлик алоқалари учун миннатдорчилик билдирар экан, мамлакатимиз таълим тизимини такомиллаштириш, халқаро тадқиқотларда иштирок этиш бўйича эришилган натижалар ва истиқболдаги режалар бўйича атрофлича маълумот берди.

"Бугунги кунда мамлакатимизда таълим соҳасини ислоҳ қилиш, унда сифат ва самарадорлик кўрсаткичларини мунтазам ошириб бориш бўйича Давлатимиз раҳбари бошчилигида қатор изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ўқув дастурлари, дарсликлар, ўқитиш методикаси ва таълим натижаларини баҳолаш тизимини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш бўйича катта ислоҳотлар бошлаб юборилган.

Бироқ шу кунга қадар мамлакатимизнинг таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларда иштирок этмагани, мавжуд ҳолатни халқаро даражада баҳолаш, бошқа давлатлар билан таққослаш ва таҳлил қилиш имкониятларимизни чеклаб келаётган эди. Ҳурматли Президентимиз ташаббуслари бу борада ҳам илк қадамлар ташланди. Хусусан, 2018 йилда Таълим инспекцияси ҳузурида Халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази ташкил қилиниб, унга умумтаълим муассасаларининг халқаро тадқиқотларда иштирокини таъминлаш вазифаси юкланди.

Ўтган давр мобайнида Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) ҳамда Таълимдаги ютуқларни баҳолаш халқаро ассоциацияси (IEA) билан келишувларга эришилиб, Ўзбекистон илк маротаба PISA, TALIS, PIRLS ва TIMSS халқаро дастурларида иштирок этмоқда.

2021 йилда республиканинг 83 та мактабларида PISA тадқиқотининг тажриба-синовлари ўтказилди, эндиликда танлаб олинган 202 та таълим муассасаларида 2022 йилда апрель-май ойларида асосий синов жараёнларини ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда. Албатта мамлакатимиз таълим тизимига бутун дунё миқёсида баҳо бериладиган бундай тадқиқотда иштирок этиш, барчамизга улкан масъулият юклайди.

Ўйлайманки, Сизнинг ташрифингиз ва бераётган тавсияларингиз нафақат синовларни ташкил қилишда балки, келгусида унинг натижалари қараб таълим тизимимизни ислоҳ қилишда ва ўзимизга янги режалар тузишда жуда асқатади", – деди Таълим инспекцияси бошлиғи.

Ўз навбатида PISA дастурининг ташаббускори мамлакатимизда таълим сифати ва самарадорлигини ошириш ҳамда халқаро тадқиқотларга тайёргарлик ишларини эътироф этар экан, бу борада ўз таклиф ва тавсияларини билдириб ўтди.

"Кўриб турибманки, инспекция Ўзбекистонда таълим мазмунининг маркази турибди. Яъни ўқувчиларнинг яхши ўзлаштириши, ўқитувчиларнинг малакаси яхшиланиши ҳамда илғор мамлакатларнинг энг яхши тажрибаларини жорий қилиш йўлида сезиларли ишлар йўлга қўйилган.

Хусусан, Миллий марказда PISA тадқиқотларига тайёргарлик жараёнларини кўриб мамнун бўлдим. Материалларни таржима қилиш, чоп этиш ва жойига етказиш учун барча шароитлар яратилган.

шуни алоҳида таъкидлашим лозимки, юртингиз илк маротаба PISA иштирок этаётгани қувонарли. Бироқ, тадқиқотнинг аҳамияти шундаки, жараёнлар натижа эълон қилиниши билан тўхтаб қолмайди. Шу асосда соҳани такомиллаштириш билан боғлиқ хулосалар қилиш, зарур ислоҳотларни амалга ошириш жуда муҳим.

Яъни бунда шунчаки, ўқув дастурларининг ўзини ўзгартириб қўйиш билан юқори натижа кутиш мантиққа тўғри келмайди. Бунинг учун ўқитиш жараёнини, унинг иштирокчилари бўлган ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарининг дунёқарашини ўзгартириш лозим.

Бунда эса ўқитувчилар маҳорати, билим ва савиясининг мунтазам ўсиб бориши ҳал қилувчи куч аҳамият касб этади. Зеро, биз ўқувчиларни ҳозирги замон учун эмас келажак учун тайёрлашимиз керак. Бу борада эса ҳамкорлик қилиш ва амалий ёрдам кўрсатиб боришга тайёрмиз", – деди Андреас Шляхер.

Ташриф якунида томондан учрашув давомида кўтарилган масалалар бўйича муҳокамаларни янада кенгроқ даврада, мутасадди вазирлик ва идоралар иштирокида давом эттиришга келишиб олинди.