× Карта сайта
Овозли ҳамроҳлик

Сайтда овозли ҳамкор мавжуд.

матнни тинглаш учун уни сичқонча билан танланг

Махсус имкониятлар

Олий таълим соҳасига фин тажрибасини жорий этиш истиқболлари муҳокама қилинди

12 май 2022

Жорий йилнинг 9–13 май кунлари Карелия амалий фанлар университети ректори жаноб Петри Райво бошчилигидаги университет вакиллари амалий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.

Ташрифдан кўзланган асосий мақсад, олий таълим борасида ўзаро ҳамкорликнинг бугунги кундаги ҳолати ва уни кенгайтириш бўйича истиқболдаги режаларни муҳокама қилишдан иборат.

Мазкур ташриф режасига асосан, 12 май куни Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясида Карелия амалий фанлар университети вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Комилжон Каримов, Финляндиянинг Ўзбекистондаги фахрий консули Алишер Жўраев, Карелия амалий фанлар университети ректори Петри Райво, университетнинг халқаро ҳамкорликлар бўлими бошлиғи Лииса Тимонен ҳамда глобал таълим мутахассиси Катри Труонглар иштирок этишди.

Учрашув кун тартибидан Финляндия билан таълим соҳасида амалга оширилган ҳамкорлик алоқаларининг бугунги кундаги ҳолати ва истиқболдаги йўналишлари, Карелия ва Ўзбекистон-Финляндия педагогика институти ҳамкорлиги, фин экспертларини ҳудудларга жалб қилиш, Карелия университети билан академик алмашув жараёнларида ҳамкорлик лойиҳаларини кенгайтириш масалалари билан боғлиқ қатор масалалар ўрин олди.

Муҳокамалар аввалида Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев меҳмонларга Ўзбекистонда таълим сифати самарадорлигини ошириш ҳамда Финляндия тажрибасини жорий этишда ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирар экан, бу борадаги ишлар келажакда изчил давом эттирилишини таъкидлади.

"Сўнгги йиллар давомида таълим соҳаси мамлакатимиз иқтисодиётининг жадал ривожланишида таълим соҳаси алоҳида ўрин тутади. Тизимда сифат кўрсаткичларини ошириш бўйича халқаро тажрибаларни ўрганиш баробарида, ёшларнинг малакали кадрлар бўлиб етишишлари учун қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Хусусан, бугунги кунда мамлакатимиз таълим тизимида, хусусан олий таълим соҳасига Финляндия тажрибасини жорий этиш орқали ислоҳ қилишга катта эътибор қаратиляпти.

Бу борада мамлакатингиз олий таълим тизимида муваффақиятли амалга ошириб келаётган амалий фанлар соҳасини такомиллаштириш ҳамда таълим кластерларини жорий этиш, узлуксиз таълим тизимидаги илғор тажрибаларни ўрганиш Ўзбекистонда юқори малакали кадрларни тайёрлаш ва таълим сифати ва самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади", – деди Улуғбек Ташкенбаев.

Шунингдек, ўз навбатида, Карелия амалий фанлар университети ректори илиқ меҳмондўстлик учун миннатдорчилик билдириб, Ўзбекистон олий таълим соҳасига илғор тажрибаларни жорий этиш ҳамда ҳамкорликнинг истиқболлари ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

"Ўзбекистонга илк маротаба келишим. Мамлакатингиз таълим тизимини ислоҳ қилиш ва келажак авлодни тарбиялашдаги иштиёқи мени ҳайратга солди.

Менимча, бу каби ташрифларни кўпроқ амалга ошириш ҳамкорлигимизнинг истиқболлари учун ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиз.

Карелия амалий фанлар университети Ўзбекистондаги қатор олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Хусусан, Қўқон халқаро университетидан 4 нафар талабанинг университетимизда ўқишни бошлагани фикримнинг далили бўла олади.

Шунингдек, эртага биз Самарқанд шаҳрида бўлиб, Самарқанд давлат университети қошида ташкил этилган Ўзбек-фин педагогика институти билан ҳам ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишни режалаштиряпмиз.

Бу албатта, эришиладиган улкан натижаларнинг якуни эмас. Келажакда мазкур алоқалар янада кенгайиб, мамлакатларимиз ва маданиятларимиз ўртасида муҳим кўприк бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Ушбу йўналишда эса ўзаро ҳаракатларимизни мувофиқлаштириб, йўл харитасини ишлаб чиқишимиз, унда томонлар манфаатидан келиб чиққан ҳолда, аниқ вазифаларни белгилаб олишимиз мақсадга мувофиқ бўларди", – деди Петри Райво.

Учрашув давомида, шунингдек, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Комилжон Каримов талабалар алмашинуви, қўшма таълим дастурлари билан боғлиқ лойиҳаларни амалга ошириш бўйича истиқболдаги режалар юзасидан ўз фикрларини билдириб ўтди.

"Таъкидлаганингиздек, сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим тизимини ислоҳ қилиш, соҳани такомиллаштиришда хорижий тажрибаларни ўрганиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Шу нуқтаи назардан, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги номидан мамлакатимиз таълим тизимига фин тажрибасини жорий этиш бўйича ҳаракатларингизни юксак қадрлаймиз. Шунингдек, бу борада амалга ошириладиган лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.

Финляндия сўнгги 30 йил ичида айнан таълим соҳасига жуда катта эътибор қаратди. Бу эса мамлакатингиз фаровонлиги ва иқтисодий тараққиётига сезиларли таъсир кўрсатганига бугун барчамиз гувоҳмиз.

Бугунги кунда Ўзбекистон ҳам ўз тараққиётида ушбу йўлни танлади. Ҳозирги кунда фақат олий таълим соҳаси эмас балки, профессионал таълим ҳамда кадрлар малакасини ошириш соҳаларида ҳам ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича улкан салоҳиятга эгамиз.

Бу борада ҳам Сизлардан ўрганадиган жиҳатларимиз талайгина", – деди Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари.

Муҳокамалар якунида кўтарилган масалалар бўйича ҳамкорлик алоқаларини давом эттиришга ҳамда амалга оширилаётган лойиҳалар кўламини мунтазам кенгайтириб боришга келишиб олинди.

Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 ноябрдаги «Таълим тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида Финляндия таълим тажрибасини ўрганиш ва юртимизда самарали татбиқ қилиш юзасидан тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Жумладан 2021 йилдан Финляндиялик ўқитувчилар томонидан Тошкент, Зарафшон ва Қўқон шаҳарларида фин тилини қўшимча хорижий тил сифатида ўқитиш йўлга қўйилди.

Финляндия олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Тошкент давлат стоматология институтида қўшма таълим дастурлари қўйилди. Самарқанд давлат университети таркибида Ўзбекистон-Финляндия Педагогика институти ташкил этилди.

Шунингдек, Таълим инспекцияси раҳбари бошчилигидаги делегация томонидан 2021 йилнинг 22-26 ноябрь кунлари Финляндиянинг таълимдаги тажрибаси жойига бориб ўрганилди. Ташриф доирасида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича бир қатор келишувларга эришилди.

Карелия амалий фанлар университети вакилларининг мамлакатимизга амалга оширган ташрифи мазкур ҳамкорлик алоқаларининг янада кенгайишига хизмат қилади.