× Карта сайта
Овозли ҳамроҳлик

Сайтда овозли ҳамкор мавжуд.

матнни тинглаш учун уни сичқонча билан танланг

Махсус имкониятлар

Улуғбек Ташкенбаев: "Пандемиянинг салбий таъсирини бартараф этишда асосий эътиборни таълимга қаратяпмиз"

7 май 2022

Жорий йилнинг 6 май куни «Марказий Осиёда таълим трансформацияси» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Жаҳон банкининг Марказий Осиё билан 30 йиллик ҳамкорлиги муносабати ўтказилган тадбирда Марказий Осиё ва бутун дунё миқёсидаги халқаро таълим соҳасининг профессионаллари минтақада таълим соҳадаги рўй бераётган ўзгаришларни муҳокама қилишди.


Гибрид форматда (онлайн ва офлайн) ташкил қилинган давра суҳбатида Жаҳон банкининг таълим амалиёти раҳбари жаноб Гарри Патриноснинг асосий нутқидан сўнг ҳудудий экспертлар ҳамда якунда минтақадаги давлатларнинг таълим бошқаруви ва назорати органлари вакиллари маъруза қилишди.

Маълумки, COVID-19 пандемияси ўқувчилар, ўқитувчилар, оилалар ва жамоаларга таъсир қилди. Мактаблар ёпилишининг таълим натижаларига ҳалокатли таъсири бутун авлоднинг ривожланиш истиқболларига таҳдид қилмоқда. Таълим имкониятларининг этишмаслиги глобал миқёсда пандемиядан олдинги 53% дан ҳозирги вақтда тахминан 70% гача ўсиши прогноз қилинмоқда. Бундан ташқари, 24 миллион бола бутунлай мактабдан қолиб кетиш хавфи остида.

Давра суҳбатида сўз олганлар бутун дунё мамлакатлари пандемиядан қутула бошлаган бир пайтда, Жаҳон банки гуруҳи ва ҳамкорлари инсон капиталини тиклаш ва қайта қуриш марказига одамларни қўйиш муҳимлигини тарғиб қилаётганини таъкидлашди. Хусусан, таълимда ислоҳотлар орқали ундаги бўшлиқларни тўлдириш ва натижаларини ўзгартириш учун ҳар бир авлодда бир марта бериладиган имконият мавжудлиги айтиб ўтилди. Шунингдек, икки йилдан ортиқ вақт давомида таълим тизимлари пандемияга мослашгани ва бу мослашув мамлакатлар тизимларини ўзгартириш, ўқувчиларнинг ўрганиш ва ўқитувчиларнинг дарс бериш усулларини ўзгартириш учун рағбатларни яратаётгани маълум қилинди.

Халқаро давра суҳбатида Ўзбекистон вакили сифатида маъруза қилган Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев Жаҳон банки вакилларига таълим соҳасини ислоҳ қилиш бўйича кўрсатиб келинаётган ёрдам учун миннатдорчилик билдирар экан, ҳамкорликда амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режаларга тўхталиб ўтди.

– Ёшлар – Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги ва келажагининг бунёдкорларидир. Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида «инсон капиталига инвестиция қилиш орқали» Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам пойдеворини барпо этиш ва халқ фаровонлигини ошириш бўйича кенг ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Афсуски, пандемия таълимга катта салбий кўрсатди. Пандемия сабабли таълимда 1,5 йил йўқотилди. Таълим олувчиларнинг ўзлаштиришида бўшлиқлар юзага келди.

Биз бу йўқотишлар ўз навбатида иқтисодий ўсиш ва халқ фаровонлигига салбий таъсир кўрсатишини ҳамда узоқ вақт давомида сақланиб қолишини тушуниб етган ҳолда асосий эътиборни таълимга қаратяпмиз.

Хусусан, Ўзбекистонни 2022-2026 йилларда ривожлантириш бўйича еттита йўналишдан иборат Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси қабул қилинди ва инсон капиталини ривожлантириш айнан тўртинчи йўналиш сифатида белгиланди.

Жаҳон банкининг молиявий ва техник кўмагида узлуксиз таълимнинг барча бўғинларида таълимдаги йўқотишларни баҳолаш бўйича тадқиқотлар ўтказилмоқда ва пандемиянинг салбий таъсирини камайтириш бўйича аниқ далилларга асосланган ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Таълим ютуқларини баҳолаш халқаро ассоциацияси, ЮНEСКО ва Европа Комиссияси билан ҳамкорликда ўтказилган «Таълимдаги узилишлар ҳақидаги сўровларга жавоблар» REDS тадқиқотида иштирок этди ва ҳозирда Таълим инспекцияси Жаҳон банки билан ҳамкорликда пандемиянинг таълимга таъсирини баҳолаш бўйича тадқиқот натижалари таҳлилини якунламоқда.

Пандемия вақтида қўлланилган масофавий таълим ресурслари ва технологияларидан фойдаланишни тўхтатмасдан, мустақил таълимни амалга оширишда улардан фаол фойдаланишни йўлга қўйдик. Телевидениеда онлайн дарслар доимий олиб бориляпти, масофавий таълим платформалари контенти бойитилмоқда.

Узлуксиз касбий ривожланиши тизими яратилиб, ўқитувчиларни бевосита иш жойида малакасини ошириш ва доимий қўллаб-қувватлаш тизими ривожлантирилмоқда.

Ҳозирда халқ таълими тизимида пандемия асоратларини бартараф этиш бўйича махсус беш йиллик миллий дастур қабул қилинмоқда.

Қуйидаги йўналишларда таълим соҳасида трансформациялар амалга оширилмоқда:

ўқитувчининг жамиятдаги обрў-эътибори ва мақомини кўтариш, ўқитувчиларнинг касбий ривожланиш тизимининг узлуксизлигини таъминлаш, уларнинг ўз устида кўпроқ ишлаши учун шароит яратиш ва меҳнатини муносиб рағбатлантириш. Зеро, таълим сифати ўқитувчи сифатидан ошиб кета олмайди;

ўқув дастурлари ва ўқитиш методикасини Финляндия тажрибаси асосида тўлиқ қайта кўриб чиқиш;

халқаро баҳолаш дастурларига иштирок этиш орқали энг яхши тажрибаларни таълим тизимига жорий этиш. 2021 йилда Ўзбекистон тарихда илк бора PIRLS тадқиқотида иштирок этди, ҳозирда PISA 2022 тадқиқотида иштирок этмоқда. Бу борада Жаҳон банкининг молиявий ва техник кўмагини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман;

мактабни таълимнинг кейинги босқичлари билан узвий боғлаш, ўқитувчиларнинг касбий ривожланиш тизимини узлуксизлигини таъминлаш, малака ошириш институтлари фаолияти самарадорлигини ошириш, уларнинг ўз устида кўпроқ ишлаши учун шароит яратиш;

мактаб инфратузилмаси яхшилаш ва 2022 йил якунига қадар барча мактабларни юқори тезликдаги интернетга улаш белгиланди.

Ҳудудлардаги олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, малака ошириш ҳудудий маркази ва илғор мактабларнинг 103 нафар тажрибали ўқитувчиларидан иборат 17 та «Мобил методик гуруҳлари шакллантирилиб, 393 та мактаблар базасида педагоглар салоҳиятини ошириш бўйича ўқув-машғулотларини ўтказиш йўлга қўйилди.

Таълим сифатини ошириш йўлидаги муаммоларга самарали ечимлар топишдаги ҳамкорлиги учун Жаҳон банки ва бошқа халқаро ташкилотларга миннатдорчилигимни билдираман ва бу борада Сизларнинг доимий қўллаб-қувватлашингиз, кўрсатаётган кўп томонлама ёрдамларингизни юксак қадрлаймиз, – деди Таълим инспекцияси бошлиғи.

Муҳокамалар якунида Жаҳон банки вакиллари, халқаро ва маҳаллий экспертлар Марказий Осиёда таълим соҳаси трансформацияси бўйича изчил ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олишди.

Таъкидлаш лозим, мазкур тадбир пандемиядан сўнг таълимни тиклаш чора-тадбирлари ва соҳадаги инновациялар бўйича халқаро тажрибага, Марказий Осиёда таълимнинг муваффақиятлари ва муаммолари бўйича ойдинлик киритиш, шунингдек, минтақадаги кейинги авлодлар учун таълимни ўзгартириш истиқболларини шакллантириш учун асос яратади.