× Карта сайта
Овозли ҳамроҳлик

Сайтда овозли ҳамкор мавжуд.

матнни тинглаш учун уни сичқонча билан танланг

Махсус имкониятлар

Ўзбекистон делегацияси катта ёшдагилар таълими бўйича халқаро анжуманда иштирок этди

21 июн 2022

Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 15-18 июнь кунлари Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Марокаш шаҳрида ўтказилаётган "Катта ёшдагилар таълими ва Барқарор ривожланиш таълими - ўзгарувчан кун тартиби" мавзусидаги халқаро анжуманда иштирок этди.

Мазкур анжуман доирасида бутун дунёда катталар таълими ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги режалар муҳокама қилинди.

Хусусан, анжуман давомида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи ўринбосари Одил Қўйсинов Ўзбекистонда катталар таълими ва ҳаёт давомида таълим тизимида амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги вазифалар бўйича маъруза қилди.

Унда 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида қайд этилган таълим ва фан соҳасини ривожлантириш, хусусан, узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш, сифатли таълим хизматлари имкониятларини ошириш, меҳнат бозорининг замонавий эҳтиёжларига мос юқори малакали кадрлар тайёрлаш сиёсатини давом эттириш бўйича амалга оширилган ишларга тўхталиб ўтилди.

Шу билан биргаликда, 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида 7 та мақсаднинг мамлакатимизда аҳолининг қўшимча таълим олиши ва меҳнат бозорига кириш имкониятларини кескин оширишга қаратилгани ҳам таъкидланди. ЮНEСКО раҳбарияти ҳамда бутун дунёдан ташриф буюрган анжуман иштирокчилари Ўзбекистонда амалга оширилаётган янгиликлар ва таълим тизимидаги ислоҳотларга катта қизиқиш билдиришди.

Тадбир якунида Марокаш таълим вазири Чакиб Бенмусса билан ҳамкорлик масалалари бўйича учрашув ташкил қилинди ва эсдалик совғаси топширилди.

Таъкидлаш лозимки, катта ёшдагиларни ўқитиш ва уларга таълим бериш орқали тегишли соҳаларда ишчилар учун малака ошириш ва қайта тайёрлаш дастурларини самарали амалга ошириш мумкин.

Маълумот учун, CONFINTEA VII ЮНEСКОга аъзо давлатларни инсон ҳуқуқлари, ижтимоий адолат, умумий қадриятлар ва барқарорлик маданиятига ҳисса қўшиш учун сиёсат, имтиёзлар, ҳуқуқий асослар, шунингдек институционал тузилмалар ва механизмларни жорий этишга ундайди.

Бунда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланган ҳолда, катталар учун таълим олиш ҳамда инклюзивликни ошириш учун ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилади.