× Карта сайта
Овозли ҳамроҳлик

Сайтда овозли ҳамкор мавжуд.

матнни тинглаш учун уни сичқонча билан танланг

Махсус имкониятлар

Таълимни трансформaсия қилиш саммити (TES 2022) олдидан миллий маслаҳатлашув ташкил этилди

22 июн 2022

Жорий йилнинг 22 июнь куни Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясида Таълимни трансформaсия қилиш саммити (TES 2022) олдидан барча манфаатдор томонлар иштирокида миллий маслаҳатлашув ташкил этилди.

Унда ЮНEСКО ишлари бўйича Миллий комиссия, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги мувофиқлаштирувчи офиси, ЮНEСКО, ЮНИСEФ, Жаҳон банки, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, ҳамда Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Президент таълим муассасалари агентлиги, Давлат статистика қўмитаси вакиллари иштирок этди.

Миллий маслаҳатлашувдан кўзланган асосий мақсад 2030 йилгача таълимни трансформация қилиш учун манфаатдор томонлар ўртасида умумий қараш, мажбурият ва келишувни ишлаб чиқиш, шу билан бир қаторда, таълимдаги йўқотишларни бартараф этиш, БРМ эришишдаги ҳолатни яхшилаш ва таълимни қайта кўриб чиқишдаги таълим сиёсати, уни режалаштириш ва молиялаштиришдаги ўзгартиришларни муҳокама қилишдир.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, ЮНEСКО ишлари бўйича Миллий комиссияси раиси Азиз Абдуҳакимов ҳамда ЮНEСКО Бош директорининг таълим бўйича ўринбосари Стефания Джанини хоним кириш сўзи билан очиб беришди.

Тадбир аввалида Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев соҳани ривожлантириш бўйича кун тартибида турган муаммолар ва уларни бартараф этиш учун истиқболдаги вазифаларга тўхталиб ўтди.

“COVID-19 туфайли Ўзбекистонда 7 миллиондан ортиқ ўқувчи-талабалар таълимда узилишларга дуч келди. Масофавий таълим олиш учун имкониятларнинг чекланганлиги ва ундаги камчиликлар таълим инқирозини янада чуқурлаштирди.

Албатта, таълимдаги ислоҳотлар натижаси камида 5-10 йилдан сўнг маълум бўлади. Шунга қарамай, ҳозирданоқ ислоҳотлар натижаси кўзга кўринмоқда.

Таълим сифатини ошириш йўлидаги муаммоларга самарали ечимлар топишда барчани яқиндан ҳамкорликка чорлаб қоламан ва бу борада Сизларнинг доимий қўллаб-қувватлашингиз, кўрсатаётган кўп томонлама ёрдамларингизни юксак қадрлаймиз", – деди Улуғбек Ташкенбаев.

Шундан сўнг, сўзга чиққан таълим соҳасидаги вазирлик ва идоралар раҳбарлари Барқарор Ривожланиш мақсадлари йўлида ўз йўналишлари бўйича амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги вазифаларга тўхталиб ўтишди.

Хусусан, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Роли Астана Ўзбекистонда Барқарор ривожлантириш мақсадларига эришишда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни эътироф этиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти мазкур жараёнларни қўллаб-қувватлашини билдирди.

"Ўзбекистон юқори амбицияларга эга мамлакат. Фикримнинг далилини 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга оширишни жадаллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишларда ҳам кўришимиз мумкин.

Мамлакатингизнинг қайси ҳудудида бўлмасин, одамлар суҳбатлашганимда бунга янада кўпроқ ишонч ҳосил қиляпман. Бу бир томондан кишида катта умид уйғотса бошқа томондан ҳукуматга катта масъулият юклайди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш бўйича ислоҳотларини қўллаб-қувватлайди.

Бугун ўтказилаётган миллий маслаҳатлашув томонлар ўртасида ҳаракатларнинг ўзаро мувофиқлаштиришга ҳамда ислоҳотларнинг янада такомиллашишига хизмат қилади", – деди БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори.

Шу билан биргаликда, ЮНИCЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде Ўзбекистон таълим соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишда тизимли ва дадил қадамларни қўйиб келаётгани ва бу ислоҳотларни янада кучайтириш лозимлигини таъкидлади.

"Ўзбекистон таълим соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишда тизимли ва дадил қадамларни қўйиб келмоқда. Бу борада Таълим инспекцияси ҳамда манфаатдор вазирликларнинг ўрнини алоҳида эътироф этиш лозим.

Коронавирус пандемияси дунё мамлакатларини ислоҳотлар йўналишини қайта кўриб чиқишга мажбур қилди. Ушбу вазиятда Ўзбекистон таълимнинг мобиллаштиришда зарур чораларни кўра олди. Аммо бу ислоҳотларни янада кучайтириш лозим.

Яқин ўтмишимиздан гувоҳ бўлдикки, мавжуд шароит ёшларда XXI аср кўникмаларини шакллантиришни кун тартибидаги энг асосий вазифалардан бирига айлантирмоқда.

Шундан келиб чиққан ҳолда, ўйлайманки, миллий маслаҳатлашув реал эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда зарур чораларни кўриш ва тегишли вазифаларни белгилаб олиш учун муҳим платформа вазифасини ўтаб беради", – деди ЮНИCЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари.

Куннинг иккинчи қисмида муҳокамалар инклюзив, адолатли, хавфсиз ва соғлом таълим ташкилотлари, ўқитувчилар, ўқитувчи мавқеи ва ўқитувчилик касби, ҳаётий, иш ва барқарор ривожланиш учун зарур билим ва кўникмалар, таълимда рақамли трансформация ҳамда таълимни молиялаштириш каби бешта тематик соҳалар бўйича ишчи гуруҳ сессияларига бўлинган ҳолда давом эттирилди.

Қайд этиш лозимки, жорий йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон делегацияси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 77-сессияси доирасидаги Таълимни трансформация қилиш саммитида иштирок этиши режалаштирилган.

Саммит пандемия туфайли юзага келган таълим олишдаги йўқотишларини бартараф этиш, таълим сиёсатини қайта кўриб чиқиш ва Барқарор Ривожланиш Мақсадларига эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларни жадаллаштириш бўйича ечимлар топишга қаратилган.

Юқори даражали саммитга тайёргарлик кўриш бўйича жорий йилнинг 28-30 июнь кунлари ЮНEСКОнинг Париж шаҳридаги бош офисида таълим вазирлари иштирокида тайёргарлик учрашуви ўтказилади.

Саммит ҳар бир аъзо давлат нима учун, нимани, қаерда, қачон ўрганишимиз ва буни қандай амалга оширишни қайта кўриб чиқишни талаб этиш вақти келганини таъкидламоқда. Саммитга тайёргарлик учта ўзаро боғлиқ оқимларга асосланади: миллий маслаҳатлашувлар, тематик чора-тадбирлар ва жамоатчиликни жалб қилиш ва сафарбарлик.

Бунда таълим соҳасидаги сиёсатчилар, ўқитувчилар, ёшлар, хусусий сектор ва бошқа таълим ҳамкорларининг фикр ва истиқболларини бирлаштирилади. Олий даражадаги сиёсий форум томонидан амалга оширилаётган «Таълим келажаги» ҳисоботи ҳамда БРМ4 шарҳига, шунингдек Инчеон декларaсияси ва Ҳаракатлар стратегияси, 2020 ҳамда 2021 йиллардаги Глобал Таълим учрашувлари натижаларига эътибор қаратилади. Маслаҳатлашув натижалари ва баёни минтақавий ва глобал Таълимни ўзгартириш саммити жараёнига киритилади.