× Карта сайта
Овозли ҳамроҳлик

Сайтда овозли ҳамкор мавжуд.

матнни тинглаш учун уни сичқонча билан танланг

Махсус имкониятлар

Барселона университети билан икки томонлама илмий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди

21 май 2022

Аввал хабар берганимиздек, айни кунларда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги масъулларидан иборат Ўзбекистон делегацияси ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон олий таълим анжуманида иштирок этиш учун Испаниянинг Барселона шаҳрида бўлиб турибди.

Ташриф доирасида Таълим инспекцияси раҳбарияти ва Барселона университети ректорининг олий таълимдан кейинги ва давомий кадрлар тайёрлаш лойиҳаси бўйича вакили Мария Кристина Санс хоним билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон ва Испания илмий доиралари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, олий таълимда сифат кўрсаткичларини ошириш, тарих, археология, санъат, педагогика соҳалари бўйича қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш каби масалалар муҳокама қилинди.

«Бугунги кунда Ўзбекистонда таълим соҳасини такомиллаштириш, тизимга илғор хорижий тажрибаларни татбиқ этиш бўйича ҳам изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Анжуман давомида кўрдикки, Испанияда ҳам ёшларни бевосита ҳаётга тайёрлаш, уларда амалий кўникмаларни шакллантириш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Барселона университети ўзининг илмий салоҳияти бўйича дунёдаги энг илғор олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади.

Ўйлайманки, ўзбек талабаларининг нафақат, испан тарихи ва санъати балки, тиббиёт, технология математика соҳаларидаги тадқиқотларини қўллаб-қувватлаш ва айни пайтда испаниялик ёшларнинг мамлакатимиздаги илмий тадқиқотлари ва экспедициялари учун зарур шароитларни яратиш ҳар икки мамлакат учун тенг даражада фойдали бўлади.

Хусусан, олий таълим муассасаларида педагогларни тайёрлаш бўйича ҳамкорлик лойиҳаларини амалга оширсак, мақсадга мувофиқ бўларди», – деди Улуғбек Ташкенбаев.

Ўз навбатида Мария Кристина Санс хоним Таълим инспекцияси бошлиғи томонидан фикрларини қўллаб-қувватлар экан, ушбу йўналишда ўз қарашлари билан ўртоқлашди.

«Албатта Испания таълим соҳасидаги ислоҳотларда улкан тажрибага эга мамлакатлардан бири ҳисобланади. Шунингдек, ушбу соҳани такомиллаштириш бўйича маълум даражада халқаро тажрибага ҳам эгамиз.

Ўзбекистонда олий таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаймиз. Университетимиздаги илмий мактабларни Ўзбекистондаги йўналишлар билан солиштириш орқали, ўзаро яқин соҳа вакиллари ўртасида ўзаро учрашувлар ташкил қилишимиз мумкин. Мазкур учрашувлар орқали ҳамкорлик йўналишларини янада батафсил келишиб оламиз.

Бу орқали нафақат олимлар, балки магистратура, докторантура босқичи талабалари ўртасида ҳам ҳамкорликни йўлга қўйишимиз мумкин», – деди Барселона университети ректори вакили.

Учрашув якунида кўтарилган масалалар бўйича ҳамкорлик ва мулоқотларни давом эттиришга келишиб олинди.

Маълумот учун, 1450 йилда асос солинган Барселона университети Испаниянинг энг йирик ва қадимги олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади.

Бугунги кунда мазкур университетда 74 та бакалавриат, 349 та магистратура ва 50 га яқин докторлик дастурлари мавжуд бўлиб, 63 000 нафардан ортиқ талаба таҳсил олади. Шунингдек, университет қошида 30 дан ортиқ тадқиқот марказлари ташкил этилган. Университет халқаро нуфузли рейтингларда топ-200 таликдан ўрин олган.