× Карта сайта
Овозли ҳамроҳлик

Сайтда овозли ҳамкор мавжуд.

матнни тинглаш учун уни сичқонча билан танланг

Махсус имкониятлар

ТАЪЛИМ ХУЖЖАТЛАРИНИ ЛEГАЛЛАШТИРИШ, ТАН ОЛИШ ВА НОСТРИФИКАЦИЯ ҚИЛИШ БЎЛИМИ

Фаолият йўналиши бўйича қисқача маълумот

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 20 апрелдаги ПҚ-2909-сон қарорига мувофиқ таълим сифатини ижтимоий-иқтисодий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар талабларига мувофиқ юксак даражага кўтариш, шунингдек, узлуксиз таълим тизимида таълим сифатини назорат қилишни янада такомиллаштириш, кадрлар тайёрлаш сифати ва ўқув жараёни самарадорлигини холисона баҳоланишини назорат қилиш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш мақсадида Давлат тест марказининг Кадрлар тайёрлаш сифатини назорат қилиш, педагог кадрлар ва таълим муассасаларини аттестация қилиш бошқармаси негизида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясини ташкил этиш белгиланди.

Президент қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2017 йил 18 июлда 515-сон қарори қабул қилинди ва унга асосан Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси (кейинги ўринларда Давлат инспекцияси деб юритилади) ташкил топди ва фаолиятини бошлади.

Қарорга асосан Давлат инспекциясининг таркибий структураси тасдиқланган бўлиб, Педагог кадрлар сифати, таълим ҳужжатларини легаллаштириш, тан олиш ва нострификация қилиш бош бошқармаси ташкилий тузилмасида «Таълим ҳужжатларини легаллаштириш, тан олиш ва нострификация қилиш» бўлими ташкил этилди ва фаолияти йўлга қўйилди. Бўлимнинг штатлар бирлиги сони 4 тани ташкил этади.

Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан Давлат инспекциясининг асосий вазифалари сифатида белгилаб берилган қуйидаги вазифалар бевосита бўлим фаолияти билан боғлиқ:

хорижий мамлакатларда берилган таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини аниқлаш)ни ташкил этиш;

таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари томонидан бериладиган расмий ҳужжатларга апостил қўйиш.

Шунингдек, бўлим олдига юқоридаги асосий вазифалар билан бир қаторда қуйидаги муҳим вазифаларни ҳам амалга ошириши белгиланган. Хусусан:

хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш борасида давлат сиёсатини амалга ошириш;

хорижий давлатларнинг таълим соҳасига тегишли органлари ва халқаро ташкилотлар билан мунтазам халқаро алоқаларда бўлиш, улар билан таълим соҳасида, жумладан, хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш бўйича эришилган ютуқлар ҳақида ахборотлар алмашиш;

хорижий давлатларнинг таълим ҳужжатларини тан олиш соҳасидаги илғор тажрибаларини ўрганиш, ҳамда таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш жараёнини янада такомиллаштириб бориш;

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг вакилларидан иборат таркибда тегишли таълим йўналиш (мутахассислик)лари бўйича хорижий мамлакатларда берилган таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш бўйича экспертизадан ўтказувчи эксперт комиссиясини (кейинги ўринларда Эксперт комиссияси деб аталади) шакллантириш ва унинг ишини ташкил этиш;

талабгорлардан давлат хизматлари марказлари ёки ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали келиб тушган хорижий мамлакатларда берилган таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш учун зарур бўлган таълим тўғрисидаги ва бошқа ҳужжатларни қабул қилиб олиш;

қабул қилиб олинган ҳужжатларни белгиланган тартибда маълумотлар базасига киритиб бориш;

таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш жараёни учун барча зарур ҳужжатлар мавжудлигини аниқлаш ва материалларни Эксперт комиссиясига юборишни ташкил этиш;

эксперт комиссияси томонидан тан олиш учун тақдим этилган таълим тўғрисидаги ҳужжатни экспертизадан ўтказиш натижасига кўра хулоса тайёрланишини ташкил этиш;

хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги таълим ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш, тегишли хулосаларни олиш, махсус синовларни ташкил этиш ва ўтказиш, тегишли буйруқ лойиҳасини тайёрлаш;

эксперт комиссияларининг хулосалари билан талабгорларни хабардор қилиш;

хорижий таълим муассасаларига сўров хатлари юбориш;

эксперт комиссиялари томонидан ижобий хулоса берилган хорижий давлатларда олий таълим ва кадрларни қайта тайёрлаш таълими олганлик тўғрисидаги ҳужжатлари тан олиш учун топширилган талабгорлар учун тест синовлари ташкил этиш;

тест синовларининг ўтказилиш вақтлари ҳақидаги маълумот синовлар бошланишидан камида ўн кун олдин Давлат инспекциясининг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтига жойлаштириш;

тест синовларини талабгорларнинг таълим олган таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича мутахассислик фанларидан ўтказиш;

махсус синов натижаларини эълон қилиш;

хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлар тан олинганда талабгорларга гувоҳномалар расмийлаштирилишини ташкил этиш;

таълим ва фан соҳасидан чиқадиган расмий ҳужжатларга апостил қўйиш ҳамда хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш бўйича жисмоний ва юридик шахслардан келган хатлар ва аризалар ижросини таъминлаш;

«Таълим тўғрисида»ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий Дастури ва бошқа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларнинг кадрлар тайёрлаш сифатига, апостил қўйиш ва тан олишга тааллуқли талаблари бажарилишини изчил назорат қилиш;

апостил қўйиш учун ҳужжатлар тушгандан кейин расмий ҳужжатдаги мансабдор шахснинг имзоси ва ташкилот муҳри босма изининг мавжуд намуналарга мувофиқлигини, шунингдек айтиб ўтилган шахсда апостил қўйиш учун тақдим этилган расмий ҳужжатни имзолаш ҳуқуқига ваколатлар мавжудлигини текшириш;

таълим ва фан соҳаси ташкилотларидан чиқадиган расмий ҳужжатларга (кейинги ўринларда — Расмий ҳужжатлар) апостил қўйиш масалалари бўйича маслаҳатлар (маълумотномалар) бериш;

чиқувчи ҳужжатларни ҳисобга олиш журналига ҳужжатлар қабул қилинганлиги тўғрисидаги ёзувни белгиланган тартибда киритиш;

ҳужжатлар тушгандан кейин расмий ҳужжатдаги мансабдор шахснинг имзоси ва ташкилот муҳри босма изининг мавжуд намуналарга мувофиқлигини, шунингдек айтиб ўтилган шахсда апостил қўйиш учун тақдим этилган расмий ҳужжатни имзолаш ҳуқуқига ваколатлар мавжудлигини текшириш;

апостил қўйиш учун тақдим этилган расмий ҳужжатдаги муҳр босма изи мавжуд намунага мувофиқлигини кўз билан текшириш давомида тозалашлар, қўшимча ёзувлар, қайд этилмаган тузатишлар мавжуд эмаслигини текшириш;

апостил қўйиш рад этилиши учун асослар йўқлигини аниқлаш, шу жумладан мансабдор шахснинг имзоси ва расмий ҳужжатдаги ташкилотнинг муҳри босма изи мавжуд намуналарга мувофиқлигини текшириш;

апостилни қўйиш (апостил қўйиш рад этилиши учун асослар мавжуд бўлмаган тақдирда);

апостил қўйиш рад этилиши (апостил қўйиш рад этилиши учун асослар аниқланган тақдирда);

Расмий ҳужжатга апостил қўйиш тўғрисидаги мурожаатни кўриб чиқиш натижалари бўйича апостил қўйиш ёки апостил қўйишни рад этиш тўғрисида қарорлардан бири қабул қилиш;

апостил қўйиш рад этилганлиги ёки ҳужжатларни расмийлаштириш тугалланган сана ва уларни олиш мумкинлиги тўғрисида ариза берувчини мажбурий тартибда хабардор қилиш;

Расмий ҳужжатга апостил ва гербли муҳр босилгандан кейин Апостилни рўйхатдан ўтказиш дафтарига тегишли ёзувни киритиш ва ариза берувчига ҳужжатларни бериш.

Расмий ҳужжатга апостил қўйиш бўйича электрон базани юритиш;

фаолияти бўйича чораклик ва йиллик ҳисоботлар тайёрлаш;

жисмоний ва юридик шахслардан келган хатлар ва аризаларга ўз вақтида ёзма жавоб бериш.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 апрелдаги «Давлат хизматлари кўрсатиш тизимини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-3662-сон қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси томонидан тасдиқланган хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг Вақтинчалик маъмурий регламентига мувофиқ 2018 йил 1 июндан жисмоний шахсларга мазкур давлат хизмати Давлат хизматлари марказлари (ДХМ) ёки ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали Ўзбекистон Республикаси вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан амалга оширилиши белгиланди.

2019 йилнинг 1-ярим йиллигида (2018 йилнинг 1-ярим йиллигида) жами 7358 та (1073 та) ариза қабул қилинган бўлиб, шундан:

6927 та (2018 йилнинг 1-ярим йиллигида ДХМ орқали қабул қилинмаган) ариза давлат хизматлари марказлари орқали;

431 та (2018 йилнинг 1-ярим йиллигида ЯИДХП орқали қабул қилинмаган) ариза ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали келиб тушган.

2019 йилнинг 1-ярим йиллигида (2018 йилнинг 1-ярим йиллигида) қабул қилинган 7358 та (1073 та) аризалар бўйича ариза келиб тушган вақтдан бошлаб бир иш кунида техник экспертизадан ўтказилган. Натижада 341 та (118 та) ариза бўйича техник экспертиза жараёнида ҳужжатлар тўлиқ бўлмаганлиги ёки белгиланган давлат йиғими тўланмаганлиги сабабли аризалар қабул қилинмаган. 7017 та (955 та) ариза техник экспертиза натижасида қабул қилинган ва соҳалар бўйича шакллантирилган Эксперт комиссияларига махсус экспертиза учун юборилган.

Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялашда тақдим этиладиган ҳужжатлар сонини амалдаги 5 тадан 2 тага камайтирилди.

Мазкур тизимга асосан ариза берилган кундан бошлаб 15 иш кунида ҳужжатларни махсус экспертизадан ўтказиш ва фуқароларга давлат хизматлари орқали хулосани етказиш, белгиланган махсус синовларни ўтказиш ва синовдан муваффақиятли ўтган фуқароларга электрон тартибда нострификация гувоҳномаларини бериш тизими жорий қилинди.

2019 йил 1-ярим йиллигида хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш бўйича жами 7358 та (2018 йил 1-ярим йиллигида 1073 та) мурожаат тушган бўлиб, шундан 1362 таси (2017 йил 402 та) нострификацияланган.

2019 йилда давлат инспекциясига хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги таълим ҳужжатларини тан олиш ва нострификациялашни сўраб мурожаат қилган талабгорларнинг асосий салмоғи (93,6 %) қуйидаги 6 та мамлакат таълим муассасаларида, яъни, Россия Федерацияси (12,6 %), Қирғизистон (35,3 %), Тожикистон (34,7 %), Қозоғистон (8,3 %), Туркманистон (1,5 %) ва Украина (1,2 %) Республикалари таълим муассасаларида таълим олган.

Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги таълим ҳужжатларини тан олиш ва нострификациялаш бўйича 2019 йилнинг биринчи ярим йиллигида тушган аризаларни вилоятлар кесимида таҳлил қилиб чиқадиган бўлсак, мамлакатимиз чегара ҳудудлари ҳисобланган Андижон, Фарғона, Наманган, Сурхондарё, Тошкент вилоятлари фуқаролари ҳамда Тошкент шаҳри фуқаролари кўпчилик қисмни ташкил этади.

«Россия Федерацияси ҳукумати ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўртасида таълим ҳужжатларини, малакавий ва илмий даражаларни ўзаро тан олиш бўйича Битим» 2019 йил 30 май куни Урганч шаҳрида имзоланди.

Шунингдек, 2018 йил 20 декабрь куни Россия Федерациясининг Москва шаҳрида Россия Федерациясининг Фан ва таълим соҳасини назорат қилиш федерал хизмати ҳузуридаги Таълимни баҳолаш давлат бош эксперт маркази билан Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

Миллий таълим тизимининг халқаро ҳамжамиятга интеграциясини янада кенгайтириш, олий таълим муассасаларининг жозибадорлиги ва экспорт салоҳиятини ошириш, таълим олувчилар ва профессор-ўқитувчилар мобиллигини таъминлаш, хорижда таълим олаётган ёшларимизни ватанларига қайтишларидаги сунъий тўсиқларни олиб ташлашда малакаларни тан олиш тизимини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш муҳим ўрин эгаллайди.

Давлат инспекцияси малакаларни тан олиш бўйича масъул давлат органи сифатида фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ хорижий дипломларни тан олиш ва нострификация қилиш тизимини янада соддалаштиришни ўз фаолиятининг асосий устувор вазифаларидан бири этиб белгилади.

Шунга қарамай, миллий таълим тизими ва квалификациялар бўйича очиқ ва шаффоф маълумотлар базасининг мавжуд эмаслиги хорижда таълим олаётган фуқаромизга ортиқча бюрократик тўсиқлар ва транзакцион харажатларни келтириб чиқармоқда. Бу муаммони бартараф этиш мақсадида ЮНEСКО билан ҳамкорликда Давлат инспекцияси қошида Миллий Ахборот Маркази ташкил этилмоқда ва унда таълим тизими, квалификациялар тўғрисида электрон маълумотлар базаси яратилмоқда. Ушбу базани ЭНИC-НАРИC ва бошқа миллий базаларга улаш орқали тан олишда керак бўладиган барча маълумотларни онлайн тарзда олиш имконияти яратилади, ортиқча қоғозбозлик ва сансалорликка барҳам берилади.

Давлат инспекцияси тан олиш тизимини янада соддалаштириш мақсадида ўзининг сўнгги икки йилдаги ҳаракатлари режасини ишлаб чиқди. Унга кўра, икки томонлама ва кўп томонлама халқаро шартномаларга қўшилиш орқали тан олиш тизимини халқаро стандартлар билан мувофиқлаштириш ва бу орқали уни янада соддалаштириш мақсад қилиб қўйилган.

Бундан ташқари, 2018 йил декабрь ва 2019 йил март ойларида Инспекция мутахассислари Парижда Олий таълим квалификацияларини тан олиш бўйича Глобал конвенцияни ишлаб чиқиш жараёнида қатнашдилар.

Ҳозирда Давлат Инспекциясида ЮНEСКО ва хорижий экспертлар билан биргаликда Глобал конвенция, Лиссабон конвенцияси, Токио конвенцияси каби ҳужжатларнинг талаблари ўрганиб чиқилмоқда ва халқаро кўп томонлама шартномаларга қўшилиш бўйича тажрибалар ўрганилмоқда.

Таълим ҳужжатларини легаллаштириш, тан олиш ва нострификация қилиш бўлими ўз фаолиятини қуйидаги ҳужжатлар асосида ташкил этади:

Таълим ҳужжатларини легаллаштириш, тан олиш ва нострификация қилиш бўлими фаолиятининг режаси:

Таълим ҳужжатларини легаллаштириш, тан олиш ва нострификация қилиш бўлими фаолиятидаги ўрганишлар натижаси: